Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МИЛЛИЙ ВАЛЮТАСИНИ МУОМАЛАГА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги 952-XII-сон қарорига мувофиқ:
1. 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида 1000 сўм-купонга бир «Сўм» нисбати билан Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси — «Сўм» муомалага киритилсин.
2. Миллий валютани жорий этиш бўйича республика комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин. Нақд пулларни алмаштиришга ҳамда пул муомаласига оид барча тезкор ва жорий масалаларни ҳал қилиш комиссия зиммасига юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси «Сўм» Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 «Сўм» бўлган банк қоғоз пуллари /банкнотлар/ ва 1, 3, 5, 10, 20, 50 «Тийин» бўлган металл тангалар ҳолида нақд пул муомаласига чиқарилади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида «Сўм» қонуний тўлов воситаси ҳисобланади;
«Сўмлар» ва «Тийинлар» Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳамма жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча турдаги тўловларга, шунингдек банклар томонидан омонатларга ва ҳисобварақларига қўшиб қўйиш учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши мажбурийдир;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий валюта — «Сўм» билан бир қаторда эркин муомаладаги валютадан тўлов воситаси сифатида белгиланган тартибда фойдаланишга рухсат берилади.
5. Сўм-купонларни алмаштириш учун аҳолига зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ва миллий валютага шошмасдан ўтишни таъминлаш мақсадида:
— Ўзбекистон Республикасининг банк муассасалари 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб сўм-купонларни муомалага чиқаришни тўхтатсинлар;
— 1994 йилнинг 1 августига қадар барча турдаги тўловларга, шунингдек фуқароларнинг омонатларига ва Ўзбекистон Республикаси доирасида пул ўтказиш учун миллий валюта билан бир қаторда 1000 сўм-купонга 1 «Сўм» нисбати билан ҳеч қандай чекловларсиз сўм-купонларни қабул қилишга рухсат берилсин. Аҳолига хизмат кўрсатаётган республиканинг барча савдо ташкилотлари ҳамда бошқа корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари мазкур банднинг сўзсиз бажарилишини таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда «Сўм» билан сўм-купон баб-баравар муомалада бўлган даврда сўм-купонларга товарлар сотишдан ва хизмат кўрсатишдан бош тортганлик учун айбдор шахсларни қаттиқ жавобгарликка тортсинлар.
6. Марказий банк, «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» ва республиканинг бошқа банклари 1994 йил 28 июндан 5 июлгача 1994 йил июнь ойининг иккинчи ярми учун иш ҳақи, шунингдек 1994 йил июль ойи учун пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар «Сўм» билан берилишини таъминласинлар.
7. Республиканинг вакил қилинган банклари 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб тегишли пунктлар орқали эркин муомаладаги валютани Ўзбекистон Республикасининг «Сўмлари»га Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайдиган курс бўйича чекловларсиз алмаштириб берилишини таъминласинлар.
8. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, республиканинг барча хўжалик юритувчи субъектлари ва банк муассасалари 1994 йилнинг 1 июлигача бўлган ҳолатда ҳисобварақларидаги, омонатлардаги ва мажбуриятлардаги маблағларни, шунингдек иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва бошқа тўловларнинг миқдорларини 1 «Сўм»: 1000 сўм-купон нисбати билан қайтадан ҳисоблаб чиқсинлар.
9. 1994 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўловларнинг барча турлари фақат миллий валюта «Сўм» билан амалга оширилишини эътиборга олиб, аҳолига 1994 йилнинг 1 августига қадар қолган сўм-купонларни омонатларга чекловларсиз қўйиш тавсия этилсин.
Жамғарма тармоғига эга бўлган «Ўзжамғармабанк» ва республиканинг бошқа тижорат банклари 1994 йил 1 августидан бошлаб сўм-купонларни омонатларга қабул қилишни тўхтатсинлар.
10. Жамғарма тармоғига эга бўлган «Ўзжамғармабанк» ва республиканинг бошқа тижорат банклари 1994 йилнинг 1 сентябрига қадар аҳолининг омонатлар бўйича шахсий ҳисобварақларидаги операцияларни фақат ҳисоб-китоб чеклари, чек дафтарчалари ёки омонатчиларнинг топшириқлари бўйича пул ўтказиш йўли билан амалга оширсинлар, 1994 йилнинг 1 сентябридан бошлаб эса омонатчиларнинг хоҳишига кўра «Сўмлар» ва «Тийинлар» билан берсинлар.
11. Миллий валютани жорий этиш механизми бўйича Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки ишлаб чиққан норматив ҳужжатлар маъқуллансин.
12. 1994 йилнинг 1 июлидан бошлаб мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун меҳнат ҳақини тўлашга бериладиган маблағларни давлат йўли билан тартибга солиш жорий этилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ўн кун муддат ичида бунинг учун зарур йўриқномаларни хўжалик юритувчи субъектларга етказсин.
13. Миллий валюта – «Сўм» жорий этиш ҳамда муомалада бўлган сўм-купонларни белгиланган муддатларда йиғиштириб олиш борасидаги ишларнинг ташкил этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки зиммасига юклатилсин.
14. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонни бажариш юзасидан тегишли қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 16 июнь,
ПФ-870-сон