PDF-файлидаги расмий манба
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш ва тўлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларининг муомалада бўлиш муддати 2014 йил 1 июлда тугаши муносабати билан ҳамда давлат томонидан қабул қилинган мажбуриятларни сўзсиз бажариш, фуқаролар омонатларининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек 2014 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш ва тўлашни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилансинки:
заём облигацияларини қабул қилиш, сақлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг ваколатли бўлинмалари томонидан амалга оширилади;
заём облигацияларини индексация қилиш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
2. Белгилаб қўйилсинки:
аҳолидан заём облигацияларини қабул қилиш 2014 йил 1 апрелдан 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг ваколатли бўлинмаларида Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти кўрсатилган ҳолда амалга оширилади;
заём облигациялари тақдим этилганда облигациялар сақловчисининг номига, унга тегишли тасдиқнома берган ҳолда, «талаб қилиб олиш ҳисоб рақами» очилади;
заём облигациялари сақловчиларига пул маблағларини тўлаш, индексация қилишни ҳисобга олган ҳолда, 2014 йил 1 август — 30 ноябрь даврида амалга оширилади;
белгиланган муддатларда тақдим этилмаган заём облигациялари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда қабул қилинмайди ва тўланмайди.
3. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини қабул қилиш ва тўлаш масалалари бўйича 1-иловага мувофиқ таркибда Республика комиссияси тузилсин, унга қуйидагилар юклансин:
вазирликлар, идоралар, Халқ банкининг ваколатли бўлинмалари ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш;
аҳоли ўртасида заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлашни амалга ошириш тартиби ва шартлари тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;
заём облигацияларини қабул қилиш, хатловдан ўтказиш ва тўлаш ишларини ташкил этиш;
заём облигацияларини қабул қилиш якунларига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига уларни индексация қилиш миқдорлари бўйича таклифлар киритиш.
4. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ банки:
2014 йил 10 мартгача — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида аҳолидан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш тўғрисидаги қўшма баёнотни ва банкнинг заём облигацияларини қабул қилишга ваколатли бўлинмалари рўйхатини эълон қилсин;
2014 йил 20 мартгача — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан тақдим этилган Хатлов далолатномаси асосида банкда сақланаётган илгари реализация қилинмаган заём облигациялари қолдиқларини белгиланган тартибда йўқ қилишни ташкил этсин;
банкнинг ваколатли бўлинмаларида заём облигацияларини қабул қилишга тайёрланиш, тегишли ҳисоб рақамлари очиш ҳамда заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар бўйича зарур ташкилий тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ банки, Молия вазирлиги Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда республика аҳолиси ўртасида заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш билан боғлиқ масалалар бўйича кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш ва ўтказиш тадбирлари комплексини амалга оширсинлар.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини чиқариш ва уни тарқатиш тартиби тўғрисида» 1992 йил 6 апрелдаги 165-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 5 март,
51-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартдаги 51-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёмини қабул қилиш ва тўлаш масалалари бўйича Республика комиссияси
Т А Р К И Б И
Азимов Р.С.Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Молия вазири, комиссия раиси
Муллажонов Ф.М.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси, комиссия раисининг ўринбосари
(лавозимига кўра)Давлат-тижорат Халқ банки раиси
Юсупов Б.М.Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари
Икромов М.М.Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари
Худойқулов С.Х.«Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасининг бош директори
Хусанов Н.Д.Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бошқарма бошлиғи
Умаров Р.А.Давлат-тижорат Халқ банкининг департамент директори
Исламов А.Р.Давлат-тижорат Халқ банки раисининг биринчи ўринбосари, комиссия котиби
Изоҳ: Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 5 мартдаги 51-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини (кейинги ўринларда заём облигациялари деб аталади) қабул қилиш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Заём облигациялари тақдим этувчининг қимматли қоғозлари ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (кейинги ўринларда заём облигацияларини сақловчилар деб аталади) томонидан ушбу Низомда белгиланган муддатларда ва тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат-тижорат Халқ банкининг ваколатли бўлинмаларига (кейинги ўринларда Халқ банки ёки банк бўлинмаси деб аталади) тўлаш учун тақдим этилиши мумкин.
3. Заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлашга тегишли масалаларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12 фоизли ички ютуқли заёми облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш масалалари бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) томонидан амалга оширилади. Республика комиссияси баённомалар шаклида расмийлаштирилган ва мажбурий тусга эга бўлган коллегиал қарорлар қабул қилади. Республика комиссияси ўз фаолиятини ўзи тасдиқлайдиган иш регламенти асосида амалга оширади.
Халқ банки Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади ҳамда у қабул қиладиган ҳужжатларнинг ҳисобини юритади ва сақлайди.
II. Заём облигацияларини қабул қилиш тартиби
4. Заём облигациялари уларни сақловчилар томонидан Халқ банкининг бўлинмасига банкларнинг иш режимига мувофиқ 2014 йил 1 апрелдан 2014 йил 1 июлгача тўлаш учун тақдим этилиши мумкин.
Бунда:
белгиланган муддатда ва тартибда банк бўлинмасига тақдим этилмаган заём облигациялари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда қабул қилинмайди ва тўланмайди;
ушбу Низомда белгиланган тартибда тўлаш учун қабул қилинган заём облигациялари уларнинг эгаларига қайтарилмайди.
5. Заём облигацияларини қабул қилиш банк бўлинмалари томонидан заём облигацияларини сақловчи томонидан унинг асл нусхаси, шунингдек унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти кўрсатилган тақдирда амалга оширилади.
6. Банк бўлинмасининг масъул ходими заём облигацияларининг асл нусхаси олингандан кейин заёмнинг ҳар бир облигациясининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини белгиланган тартибда текширади.
7. Заём облигацияларининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини текширишда:
заём облигацияларини рақамлашда аниқ кўриниб турган қалбакилаштиришнинг йўқлиги;
заём облигациялари устига ёзиб қўйилган (номинал) қийматни ёзув билан белгилашда тешиш белгиларининг йўқлиги;
улар тўланганлиги тўғрисида ҳисоб-китоб штампларининг изи ва қўлда ёзилган матнлар, шунингдек ўйиш ёки олдин амалга оширилган тўловнинг изини бошқа йўл билан йўқ қилиш белгиларининг йўқлиги;
заём облигациялари ўлчамининг ярмидан ортиғи ва унда (уларда) сериянинг ҳар икки рақами ва заём облигациясининг битта рақами шикастланмаган кўринишда, шунингдек заём облигациясининг орқа томонида назорат оттисклари мавжудлиги асосий шартлар ҳисобланади.
Бунда чириш, мойланиш, ифлосланиш, йиртилиш, кертик, букиш чизиғи бўйича эскирганлик ва тасодифий тусга эга бўлган бошқа шикастланишлар, агар заём облигациялари тўловга яроқлилигининг қолган белгилари бузилмаган бўлса, заём облигацияларини қабул қилиш учун тўсиқ ҳисобланмайди.
8. Ушбу Низомнинг 7-банди талабларига мувофиқ бўлган заём облигацияларини қабул қилишда:
а) банк бўлинмасининг масъул ходими томонидан:
заём облигацияларини сақловчи томонидан тақдим этиладиган заём облигацияларини қабул қилиш бўйича ҳар бир операция ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича электрон маълумотлар базасига (Қабул қилинган заём облигациялари реестрига) киритилади ва электрон файл шаклида белгиланган тартибда сақланади;
заём ҳар бир облигациясининг юза томонида у қабул қилинган сана, банк бўлинмасининг МФОси ва масъул ходимнинг фамилияси (исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари) кўрсатилган ҳолда «ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ» штампи босилади;
сақловчига қатъий ҳисобот бериладиган тегишли ҳужжат — ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича тасдиқнома берилган, унга «2014 йил 1 августдан бошлаб 30 ноябрга қадар пул маблағларини олиш учун тақдим этиш шарти билан» белгиси қўйилган ва сақловчининг номига «талаб қилиб олиш» ҳисоб рақами очилган ҳолда белгиланган тартибда тўлаш учун қабул қилинган барча заём облигацияларининг устига ёзиб қўйилган (номинал) қиймати жамланади;
тўлаш учун қабул қилинган заём облигациялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақлаш учун банкнинг омборхона бўлинмасига топширилади;
б) бойликларни сақлаш учун зарур шарт-шароитлар бўлмаган банк бўлинмасининг раҳбари ва бош бухгалтери заём облигациялари тегишли сақлаш шарт-шароитларига эга бўлган яқиндаги банк бўлинмасига инкассация қилиниши, сақланиши ва ташилишини белгиланган тартибда ташкил этишни таъминлайди.
9. Ушбу Низомнинг 7-банди талабларига мувофиқ бўлмаган заём облигациялари тақдим этилганда ва заём облигацияларининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилган ҳолларда:
а) банк бўлинмасининг масъул ходими томонидан:
ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича алоҳида электрон маълумотлар базасига (Қабул қилинган шубҳа туғдирувчи заём облигациялари реестрига) маълумотлар киритилади. Ушбу маълумотлар банк бўлинмаларида электрон файл шаклида сақланади;
заём облигацияларининг юза томонига «ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ» штампи қўйилмайди, бунда қабул қилиш санаси ва банк бўлинмаси масъул ходимининг идентификация штампи кўрсатилади;
заём облигациясини(ларини) сақловчига 30 (ўттиз) кун мобайнида банк бўлинмасига келиш тўғрисидаги билдиришнома билан биргаликда ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича квитанция берилади;
б) банк бўлинмасининг раҳбари ҳар ҳафтада жума куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги инкассация хизмати орқали бош банкка ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилиги тўғрисидаги тегишли хулосани олиш учун реестрни илова қилган ҳолда заёмнинг тўпланиб қолган облигацияларини юборади;
в) текшириш якунлари бўйича заём облигацияларининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилиги эътироф этилган тақдирда банк бўлинмасининг тегишли масъул ходими томонидан заём облигацияларини сақловчи келганда берилган квитанция олиб қўйилади ва ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тартиб-қоида амалга оширилади;
г) текшириш якунлари бўйича заём облигациялари:
қалбакилаштирилганлиги эътироф этилган тақдирда — банк бўлинмаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилади;
тўловга яроқли эмас деб эътироф этилган тақдирда — банк бўлинмасининг тегишли масъул ходими томонидан сақловчи келганда берилган квитанция олиб қўйилади ва «ЯРОҚЛИ ЭМАС» штампи босилган ҳолда заёмнинг яроқли бўлмаган облигацияси қайтарилади.
10. Банк бўлинмасининг раҳбари ва бош бухгалтери заёмнинг қабул қилинган облигациялари ушбу Низомда белгиланган тартибда банкнинг Марказий операция филиалига берилгунга қадар уларнинг сақланиши учун шахсан жавоб берадилар.
11. Электрон маълумотлар базасига (реестрга) киритилган маълумотларнинг ишончлилиги, тўлиқлиги ва тўғрилиги учун масъулият банкнинг тегишли масъул ходимига, банк бўлинмасининг раҳбари ва бош бухгалтерига юкланади.
Бунда ушбу фаолиятни амалга оширишни мувофиқлаштириш Халқ банки Бошқаруви раисининг буйруғи асосида бош банкнинг тегишли бўлинмасига юкланади.
III. Заём облигацияларини текшириш тартиби
12. Заём облигацияларини текшириш, ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган банк бўлинмасининг тегишли масъул ходими томонидан тақдим этилганда заём облигацияларининг ҳақиқийлиги ва тўловга яроқлилигини текширишнинг асосий шартлари ҳисобга олинган ҳолда, банк бўлинмасининг тегишли масъул ходими (заём облигациялари тақдим этилганда) ва бош банк томонидан амалга оширилади.
13. Ушбу Низомнинг 7-банди талабларига мувофиқ бўлмаган ва уларнинг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирган бошқа ҳолларда заём облигацияларини текшириш бош банкнинг тегишли бўлинмаси томонидан, шу жумладан «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тақдим этилган заём облигацияларининг ҳимоя элементлари тавсифига мувофиқ амалга оширилади.
14. Заём облигацияларини текшириш якунлари бош банкнинг тегишли бўлинмасининг икки нусхадаги хулосаси билан расмийлаштирилади, улардан бири заёмнинг облигацияси(лари) асл нусхаси билан биргаликда реестрга мувофиқ банкнинг тегишли бўлинмасига юборилади.
15. Заём облигацияси тўловга яроқли эмас деб эътироф этилган тақдирда бош банкнинг тегишли бўлинмаси томонидан заём облигациясининг юза томонига «ЯРОҚЛИ ЭМАС» штампи босилади.
16. Ҳақиқийлик ва тўловга яроқлилик бўйича бош банкнинг тегишли бўлинмаси хулосасини банк бўлинмасига тақдим этиш муддатлари улар тушган пайтдан бошлаб икки ҳафтадан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
IV. Заём облигацияларини индексация қилиш ва тўлаш тартиби
17. Заём облигацияларини қабул қилиш ва текшириш тугаллангандан кейин Халқ банки 2014 йил 5 июлгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шакл бўйича 2014 йил 1 июлдаги ҳолатига кўра банк бўлинмалари бўйича Қабул қилинган заём облигацияларининг йиғма реестрини тақдим этади.
18. Тақдим этилган Қабул қилинган заём облигацияларининг йиғма реестри асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан банкнинг Ички аудит бошқармаси билан биргаликда 2014 йил 12 июлгача бўлган муддатда қабул қилинган заём облигацияларини Қабул қилинган заём облигацияларининг йиғма реестри билан солиштириш амалга оширилади, унинг якунлари Таққослаш далолатномаси билан расмийлаштирилади.
19. Таққослаш якунлари беш кун муддатда Республика комиссияси мажлисида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Низомга мувофиқ тўлаш учун қабул қилинган барча заём облигацияларининг устига ёзиб қўйилган (номинал) қийматининг узил-кесил суммаси аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига индексация миқдори бўйича таклиф киритилган ҳолда тегишли баённома билан расмийлаштирилади.
20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Республика комиссияси томонидан киритилган таклифлар асосида бир ҳафта муддатда заём облигациялари бўйича индексация миқдори тўғрисида тегишли қарор чиқаради.
21. Халқ банки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилингандан кейин икки кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, индексация шартларини ҳисобга олган ҳолда, заём облигациялари қийматининг узил-кесил суммасини Халқ банкининг ҳисоб рақамига ўтказиш тўғрисидаги тегишли талабномани тақдим этади.
22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тақдим этилган талабнома ва тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уч кун муддатда, индексация шартлари ҳисобга олинган ҳолда, заём облигациялари қийматининг барча суммасини ўтказади.
23. Халқ банки заём облигациялари қиймати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ўтказилгандан кейин икки кун муддатда тегишли суммани, индексация шартларини ҳисобга олган ҳолда, маблағларни заём облигацияларини сақловчининг ҳисоб рақамига ўтказиш (етказиб бериш) учун банк бўлинмасига ўтказади, шундан кейин банк бўлинмаси томонидан қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат — тасдиқнома ва шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти кўрсатилгандан кейин заём облигацияларини тўлаш амалга оширилади.
V. Заём облигацияларини йўқ қилиш тартиби
24. Халқ банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2014 йилнинг 20 мартигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан банк билан биргаликда тақдим этилган Хатлов далолатномаси асосида банкнинг Марказий операция филиалида сақланаётган заём облигацияларининг илгари реализация қилинмаган қолдиқларининг белгиланган тартибда йўқ қилинишини белгиланган тартибда ташкил этади.
25. Банк бўлинмаси маблағлар, қўлланилган индексация коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, облигацияларни сақловчининг ҳисоб рақамига ўтказилгандан (етказиб берилгандан) кейин 2014 йил 1 сентябргача бўлган муддатда қабул қилинган ва банк бўлинмасида сақланаётган заём облигациялари банкнинг Марказий операция филиалига белгиланган тартибда етказиб берилишини таъминлайди.
26. Банкнинг Марказий операция филиали Республика комиссиясига тегишли ахборотни тақдим этган ҳолда заём облигацияларини қабул қилиш ва 2014 йил 31 октябргача сақлашни белгиланган тартибда амалга оширади.
27. Халқ банки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2014 йил 25 ноябргача бўлган муддатда қабул қилинган заём облигацияларининг белгиланган тартибда йўқ қилинишини ташкил этади.
28. Заём облигацияларини йўқ қилиш натижалари бўйича Йўқ қилиш далолатномаси тузилади. Йўқ қилиш далолатномаси икки нусхада тузилади, унинг бир нусхаси белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида, иккинчи нусхаси эса Халқ банкида сақланади.
VI. Якунловчи қоидалар
29. Банк бўлинмаларининг қалбаки ёки тўловга яроқли бўлмаган заём облигациялари қабул қилинишига, ортиқча суммалар тўланишига, шунингдек ушбу Низом шартлари бузилишига йўл қўйган масъул ходимлари уларнинг хатти-ҳаракати билан етказилган зарар учун тегишли равишда жавоб берадилар.
30. Банк бўлинмаси заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш бўйича содир этилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар сирини сақлайди.
31. Банк раҳбарияти банк бўлинмалари ходимларига тегишли йўл-йўриқ беришга, банк бўлинмаларида кўзга кўринарли жойда заём облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилишини таъминлашга, белгиланган тартибда «ишонч телефони» ишини, шунингдек заём облигациялари бўйича операцияларни содир этишда ходимларнинг белгиланган тартибга риоя қилиши юзасидан жорий назоратни ташкил этишга мажбур.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12-фоизли ички ютуқли облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Қабул қилинган облигациялар
РЕЕСТРИ
Т/рҚабул санасиФ.И.О.Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганиОблигация номиналиОблигациянинг серия номериРазрядиОблигация номериБанк бўлинмасининг МФОсиМасъул ходим
1.
2.
...
...

Жами сумма

Раҳбар
Бош бухгалтер
м.ў.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12- фоизли ички ютуқли облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

ТАСДИҚНОМА

Серия_____ № _____________

Ўзбекистон Республикаси Халқ банкининг______________________________

(бўлинма номи)

Банк бўлинмасининг МФОси______________
Қуйидаги облигациялар 2014 йил «____» ______________ да қабул қилинди:
Т/рОблигациялар номиналиСерия номери РазрядиОблигация номери

1.

2.

...

...

жами
сумма

Сумма (сўз билан)
сўмтийин
Облигация сақловчисининг паспорт маълумотлари __________________________________
____________________________________________________________________________

(Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилгани)

Заём облигациясининг сақловчиси

___________________________________________________________

(Ф.И.О.)

(имзо)

2014 йил 1 август — 30 ноябрь даврида пул маблағларини олиш учун тақдим этиш шарти билан.
Масъул ходим____________________________________________________________

(Ф.И.О.)

(имзо)

Назоратчи____________________________________________________________

(Ф.И.О.)

(имзо)

М.Ў
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12-фоизли ички ютуқли облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Қабул қилинган шубҳа туғдирувчи облигациялар
РЕЕСТРИ
Т/рҚабул санасиФ.И.О.Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганиОблигация номиналиОблигациянинг серия номериРазрядиОблигация номериБанк бўлинмасининг МФОсиМасъул ходим
1.
2.
...
...

Жами сумма

Раҳбар
Бош бухгалтер
м.ў.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12-фоизли ички ютуқли облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

2014 йил «____» ______________

____________ сўм ___________ тийин учунКВИТАНЦИЯ №________
____________________________________________________________________________
_________________________________________________________________________дан

(облигация сақловчисининг Ф.И.О.; Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилгани)

___________________________________________________________________томонидан

(банк бўлинмаси, МФО)

қуйидаги облигация(лар) у(улар)нинг ҳаққонийлигини ва тўловлиликни аниқлаш учун қабул қилинди:
Т/рОблигация номиналиСерия номери РазрядиОблигация номери

1.

2.

Жами
сумма

Сумма (сўз билан)
сўмтийин
Квитанцияда кўрсатилган заём облигацияларини
қабул қилган масъул ходим ______________________________________

(Ф.И.О.)

Назоратчи______________________________

(Ф.И.О.)

М.Ў.
Квитанция масъул ходим ва назоратчининг имзолари ҳамда муҳр мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқийдир.
Заём облигациясининг сақловчиси _______________________________________________

(имзо, Ф.И.О.)

Банк бўлинмасига келиш санаси: 2014 йил «____» _______________гача
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йилги 12-фоизли ички ютуқли облигацияларини қабул қилиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
5-ИЛОВА
Қабул қилинган заём облигацияларининг
ЙИҒМА РЕЕСТРИ
Т/рҚабул санасиФ.И.О.Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти серияси, рақами, қачон ва ким томонидан берилганиОблигация номиналиОблигациянинг серия номериРазрядиОблигация номериБанк бўлинмасининг МФОсиМасъул ходим
1.
2.
...
...

Жами сумма

Раҳбар
Бош бухгалтер
М.Ў.

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 10-сон, 109-модда)