Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадбиркорликни ҳамда хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тадбиркорликни ҳамда хусусий секторни янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатиладиган спорт-соғломлаштириш хизматлари сифатини яхшилаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг тижорат ташкилотлари томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, шу жумладан бўш турган ва фаолият кўрсатмаётган иншоотлари, шунингдек, сузиш ҳавзалари (кейинги ўринларда спорт иншоотлари деб аталади) базасида жисмоний тарбия-спорт ҳамда соғломлаштириш хизматларини (кейинги ўринларда соғломлаштириш хизматлари деб аталади) давлат-хусусий шериклик асосида кўрсатиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш бўйича давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва вазифалари этиб белгилансин:
иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшларни аниқлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш орқали жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай шарт-шароитлар яратиш;
соғлом рақобат муҳитини шакллантириш учун анъанавий хизматлар билан бир қаторда, сифатли ва оммабоп соғломлаштириш хизматларидан фойдаланишнинг муқобил имкониятларини тақдим этиш бўйича пулли соғломлаштириш хизматлари бозорини жадал ривожлантириш;
илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун инновацион шакллар, услублар ва замонавий технологиялардан фойдаланиш асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида самарадорлик ва натижадорликни ошириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:
а) давлат-хусусий шериклик субъектларининг фаолиятини янада ривожлантиришга оид асосий йўналишлар ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда пулли спорт тўгараклари, секциялари ва бошқа спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш орқали Спорт иншоотларидан самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари режасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда, давлат-хусусий шериклик асосида тақдим этиладиган спорт иншоотлари тўғрисида манфаатдор жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг кенг хабардор қилинишини таъминласин;
б) икки ой муддатда:
спорт иншоотларининг намунавий штатларини;
спорт иншоотларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ставкаларини ҳисоб-китоб қилиш методикаси тўғрисида, жумладан, биринчи навбатда, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган субъектларга муайян имтиёзлар бериш назарда тутилган низомни;
ўн олти ёшгача бўлган болалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига имтиёзли шартлар асосида ёки бепул хизматлар кўрсатиш назарда тутилган спорт иншоотларида аҳолига соғломлаштириш хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга давлат мулки бўлган ва фойдаланилмаётган бинолар, объектлар ҳамда иншоотларнинг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, белгиланган тартибда сотилишини таъминласин.
5. Соғломлаштириш хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда:
болаларда спортга муҳаббат ҳиссини, ўсиб келаётган ёш авлод онгида спорт билан шуғулланишнинг муҳимлиги, соғлом турмуш тарзини юритиш, маънавий ва жисмоний комиликка интилиш тушунчасини шакллантириш, уларни салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш ва зарарли одатлардан халос қилиш, болаларда қатъий феъл-атвор, Ватанга муҳаббат ва ўз мамлакати билан фахрланиш туйғуларини қарор топтириш;
жисмоний тарбия-спорт жараёнини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда спорт кўникмаларини чуқур ўрганиш йўналишида ташкил этиш;
жисмоний тарбия-спорт жараёнига машғулотлар ўтказиш учун хорижий тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, илғор тажрибани жорий қилиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига янги ташкил этилаётган ва ўз фаолиятини кенгайтираётган нодавлат спорт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тақдим этиладиган манзилли рўйхатлар асосида тадбиркорларга спорт иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда замонавий спорт ускуналарини харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар бериш тавсия этилсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари барпо этиладиган ва реконструкция қилинадиган нодавлат спорт ҳамда спорт-соғломлаштириш иншоотларини барча зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр энергияси, газ, сув таъминоти, канализация, автомобиль йўллари ва бошқалар) билан белгиланган тартибда таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аҳолини, айниқса, уюшмаган ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида соғломлаштириш хизматлари кўрсатувчи ташкил этилаётган ташкилотларни қўллаб-қувватлашга доир амалий чора-тадбирларни мунтазам амалга оширсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари К.В. Акмалов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Ш.Х. Исроилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 28 март,
248-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 09/18/248/0969-сон)